Сўнгги бир кеча-кундузда Украинага 80 га яқин россиялик киритилмади

Сўнгги бир кеча-кундузда Россиянинг 80 га яқин фуқароси Украина ҳудудларига киритилмади – уларга Киев аэропортидаги Назорат-ўтказиш пунктида киришга рухсат берилмади. Бу ҳақда Украина Давлат чегара хизмати маълум қилди.

Бундан аввалроқ, украин чегарачилари «Белавиа» авиакомпанияси самолётида Минскдан Киевга келган 47 нафар Россия фуқоросига кириш учун рухсат бермагани ҳақида маълум қилинган эди. Улар Минскка қайтиб кетишга мажбур бўлди.

Херсон вилоят маъмурияти раҳбари Андрей Гордеевнинг баёнот беришича, 27 ноябрдан бошлаб Херсон вилоятининг аннексия қилинган Қримдаги назорат ўтиш пунктларида Россия фуқаролари учун чекловлар жорий қилинди.

Шу билан бирга украин чегарачилари россияликларга киришга рухсат берилмаётганини мамлакатда жорий қилинган ҳарбий ҳолат билан боғлашмаяпти. Уларнинг айтишларича, Россия фуқаролари Украинага келиш мақсадларини аниқ айта олмаган.

Куни кеча Олий Рада президент Петр Порошенко таклифига биноан 30 кунга ҳарбий ҳолат жорий қилиш тўғрисида Қонун қабул қилди. Верховная Рада раҳбари Андрей Парубий сешанба куни баёнот бериб, қонун 28 ноябрдан бошлаб кучга киришини айтди. Шу билан бирга, Миллий Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгаши сайтида айтилишича, ҳарбий ҳолат 26 ноябрдан бошлаб амал қилмоқда.

Ҳарбий ҳолат режими Россия билан чегарадош ёки Қора ва Азов денгизлари акваториясида жойлашган 10 та вилоят ҳудудига жорий қилинди. Ҳарбий ҳолат жорий этиш заруриятини президент Қора денгизда Россия томонидан украин кема ва денгизчиларининг ушланиши билан изоҳлади -Киев буни тажовуз акти демоқда.