Арманистон парламентига сайловда Пашинян альянси олдинда бормоқда

Николь Пашинян овоз бермоқда.

Арманистонда 9 декабрда муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловида бош вазир вазифасини бажарувчи Николь Пашинян раҳбарлигидаги “Менинг қадамим” альянси олдинда бормоқда.

Сайлов бюллетенларининг 50 фоизи санаб бўлинган ҳолатга кўра, “Менинг қадамим” альянси 70 фоиз овоз олган.

-Мен ҳозирнинг ўзидаёқ умумий мақсадимизга эришдик, деб айта оламан. Бу ҳақиқатан ҳам эркин ва демократик сайлов бўлди. Демократия бизнинг умумий мақсадимиздир,- деди Пашинян.

“Менинг қадамим” альянсининг асосий рақиби – “Гуллаётган Арманистон” партияси 8,5 фоиз, “Ёрқин Арманистон” партияси 6,5 фоизга яқин овоз олган.

Сайловда иштирок этаётган яна икки партия парламентдаги ўринларга эгалик қилиш учун зарур бўлган 5 фоизлик меъёрдан ўта олмади.

Сайловнинг якуний натижалари 24 соат ичида эълон қилиниши кутилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, овоз беришда сайловчиларнинг 48 фоизи иштирок этган. Бу 2017 йилда ўтказилган парламент сайловида қатнашганлар кўрсаткичидан 12 фоизга оздир.