Хитой 2 минг нафар қозоққа Қозоғистонга кетишга рухсат берди

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси.

Хитой икки минг нафардан кўпроқ этник қозоққа Қозоғистонга кўчиб кетиш учун рухсат берди. Уларнинг барчаси Хитой ва Қозоғистон фуқаролигига эга бўлган шахслардир. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизматига Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.

-Хитой томони яхши ният рамзи ўлароқ икки мингдан кўпроқ қозоққа Хитойни тарк этишга рухсат берди. Улар ҳибс қилинган одамлар эмас, балки Хитойдан чиқиб кетишига аввал рухсат берилмаган одамлардир,-деди расмий.

Шинжон-Уйғур мухториятидан тарихий ватанларига келган этник қозоқлар Остонада 26 ноябрь куни матбуот анжумани ўтказиб, Хитой ҳукумати уларнинг Қозоғистонга қайтишига тўсқинлик қилаётганини билдирган эдилар.

Хитойда этник озчилик вакиллари, жумладан, қозоқларнинг таъқиб қилинаётганига оид хабарлар 2017 йил апрелидан ёйила бошлаган.

Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой ҳукумати томонидан ташкил қилинган “қайта тарбиялаш лагерлари”да уйғурлардан ташқари минглаб қозоқлар ҳам сақланаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганидан сўнг Остона ноябрь ойлари бошларида Хитойнинг Қозоғистондаги элчихонасига нота йўллаган.