Литвада Россия жосуси сифатида гумонланган сиёсатчилар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Литвада Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб бир қатор сиёсатчилар қўлга олинди. Бу ҳақда Литва Бош прокурори Эвалдас Пашилис 19 декабрда маълум қилди.

-Қўлга олинган одамлар Россия разведка ташкилотининг топшириқларини бажариб келганлар. Уларнинг ҳар бири сиёсий партияларга мансуб, лекин улар мансуб бўлган партиялар парламентдан жой олган эмас,-деди Пашилис.

Жосусликда гумонланиб қўлга олинганлардан бири таниқли россияпараст сиёсатчи Альгирдас Палецкис экани айтилди. Пашилис бундан ташқари яна қанча одам қўлга олингани, уларнинг ким эканини очиқламади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Литвада жосусликда айбланиб қатор шахсларнинг қўлга олинишини “русларга қарши қаратилган навбатдаги найранг”, деб баҳолади.

2014 йилдан бери Литвада Россия ва Беларусь фойдасига жосусликда айбланиб беш нафар одам қамалган.