АҚШ мудофаа вазири Жим Мэттис истеъфога чиқишини билдирди. У ўз баёнотида АҚШ президенти Дональд Трамп билан сиёсий масалаларда келиша олмагани сабабли истеъфога чиқишга мажбур бўлаётганини айтди.
Мэттисга кўра, у ва Трамп, жумладан, Хитой ҳамда Россияга нисбатан сиёсатда турлича нуқтаи назарларга эга.
Мэттиснинг бу борада президентга ёзган мактуби 20 декабрь куни матбуотда эълон қилинди. Шундан сўнг Дональд Трамп Twitter саҳифасида мудофаа вазири 2019 йилнинг февраль ойида истеъфога чиқарилишини маълум қилди.
Бундан бир кун аввал Трамп Суриядан АҚШ ҳарбийлари зудликда олиб чиқиб кетилиши тўғрисида баёнот берган эди. Хабарда айтилишича, Жим Мэттис ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар Трампнинг бу қарорига норозилик билдиришган.
Уларга кўра, Трампнинг бу қарори президент Башар Ассад ва унинг иттифоқчилари Россия ҳамда Эронга «ғалабани тортиқ қилиш» дан бошқа нарса эмас.
Рейтер агентлигининг исми айтилмаган Оқ Уй расмийсига таяниб хабар беришича, Мэттис Трамп билан бу масалада суҳбатлашган ва суҳбат охирида «Трамп билан нуқтаи назарлари турлича» эканини айтган ҳолда, истеъфога чиқишини билдирган.