Дональд Трамп Афғонистондан АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиш масаласини ўрганмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Афғонистондан Америка ҳарбийларини олиб чиқиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ матбуоти Оқ Уй расмийларига таянган ҳолда 20 декабрда хабар тарқатди.

Хабарда Афғонистондаги АҚШ қўшинларини олиб чиқиб кетиш муддати ва бу иш қачондан бошланиши тўғрисида маълумот берилмаган. Пентагон бу борада изоҳ беришдан бош тортди.

Мазкур хабар, Трамп Суриядан АҚШ ҳарбийлари зудликда олиб чиқиб кетилиши тўғрисида баёнот берганидан бир кун ўтиб пайдо бўлди.

-Биз Сурияда узоқ курашдик. Мен президентлик қилган икки йил давомида бу кураш кучли бўлди ва биз «Ислом давлати» гуруҳини енгдик. Биз у ерни озод қилдик, энди эса қўшинларимизни уйларига қайтарадиган вақт етиб келди,-деб билдирган эди Трамп.

АҚШ сиёсатчилари ва иттифоқчилари Дональд Трампнинг бу қарорини “жиддий хато” сифатида баҳоламоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги “АҚШ ҳарбийларининг Суриядан чиқарилиши бу мамлакатдаги инқирозни тинч йўл билан бартараф этиш учун омил яратади”, деб ҳисоблашини маълум қилди.