“Казатомпром” собиқ раҳбарини гаров эвазига озодликка чиқармаслик тўғрисидаги қарор ўз кучида қолдирилди

Мухтор Жакишев

Қозоғистонда вилоят суди қуйи инстанция судининг “Казатомпром” давлат атом компанияси собиқ раҳбари Мухтор Жакишевни гаров эвазига озодликка чиқармаслик қарорини ўз кучида қолдирди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари Жакишев сиёсий сабабларга кўра қамалганини айтиб келади.

Жакишевнинг ҳимоячиси Нурлан Бейсекеев Шарқий Қозоғистон вилоят суди 4 январь куни чиқарган қарорни қоралади.

Озодлик билан суҳбатда Бейсекеев Қозоғистонда айбдор деб топилган жиноятлари учун компенсация тўламаган шахсларнинг соғлиғи сабаб эрта озодликка чиқиш илтимоси рад этилмаслиги кераклигини, аммо суд буни писанд қилмаганини таъкидлади.

Семей шаҳри суди 8 ноябрь куни Жакишев жиноятлари учун товон тўламагани, шу сабабли гаров эвазига уни озодликка чиқариб бўлмаслиги ҳақида қарор чиқарган.

Бейсекеевниг сўзларига кўра, унинг мижози ўта юқори қон босимидан азият чекмоқда. Ҳуқуқшунос, шунингдек, Жакишев 14 йиллик қамоқ жазосининг учдан икки қисмини ўтаб бўлганини, шу сабаб гаров эвазига озодликка чиқишга ҳақли эканлигини айтди.

Жакишев 2009 йилда қўлга олинганидан бери инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда уни қўлловчилар қозоқ расмийларини уни озодликка чиқаришга чорлаб келади.

Жакишев молиявий жиноятлар содир этганлик ҳақидаги айбловларни рад этиб, ўзига қарши иш сиёсий асосга эга эканини айтиб келади. Жакишев ўзига қўйилган “пул ювиш” айбловини ҳам рад қилган.

Жакишев 1998 йилда деярли инқирозга юз тутган “Казатомпром” компаниясига раҳбар бўлганидан кейин уни дунёдаги уран ишлаб чиқарувчи етакчи ширкатга айлантирган эди.

Хельсинки қўмитаси каби кўплаб ташкилотлар Жакишевни сиёсий маҳбус деб атаб, Қозоғистон расмийларини уни озодликка чиқаришга чорлаб келади.