Қозоғистон президентининг билдиришича, Сурияда асир ушлаб турилган ўнлаб қозоғистонлик эвакуация қилинган.
Қозоғистон хавфсизлик хизмати ходимлари 2011 йилдан бери юзлаб қозоғистонлик Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилганини маълум қилган.
9 январь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев:
- Жорий йилнинг 6 январида 47 нафар Қозоғистон фуқароси, жумладан, 30 ёш бола Суриядан эвакуация қилинди, - деди.
Президент сўзларига кўра, улар Сурияда “террорчилар қўлида асирда бўлган”.
- Ўз ихтиёрларига қарши уруш ҳудудига олиб кетилган болаларни қайтариш учун курашишда давом этамиз, - дея сўзини давом эттирди президент.
2014 йилда Қозоғистон расмийлари “Ислом давлати” жангари гуруҳининг қозоғистонлик бола аскарлар машқ қилаётгани акс этган пропаганда видеосини мамлакат ҳудудида ман қилган эди.
Қозоғистон 2017 йилдан бери Суриядаги уруш масаласида Россия, Туркия ва Эрон ўртасидаги музокараларга мезбонлик қилиб келади.