Никол Пашинян Арманистон бош вазири лавозимига тайинланди

Бош вазир Никол Пашинян президент Армен Саркисян билан. Ереван, 2019, 14 январь.

Никол Пашиняннинг сиёсий блоги парламент сайловида ишончли ғалаба қозонгани ортидан у Арманистон бош вазири лавозимига қайта тайинланди.

Бу ҳақдаги фармонни президент Армен Саркисян 132 ўринли парламентнинг биринчи мажлиси ўтказилган душанба куни имзолади.

9 декабрда ўтган сайловда бош вазир вазифасини бажарувчи Никол Пашинян раҳбарлигидаги «Менинг қадамим» альянси 70,4 фоиз овоз олган эди.

Пашинян ҳокимиятга келгунига қадар ҳукумронлик қилган Республика партияси эса 4,7 фоиз овоз олиб парламент ўринларига эгалик қилиш учун зарур бўладиган 5 фоизли меъёрдан ўта олмади.

«Менинг қадамим» альянсининг асосий рақиби «Гуллаётган Арманистон» партияси сайловчиларнинг 8,3 фоиз овозига эга бўлди.

Николь Пашинян 8 майда Арманистон Бош вазир этиб тайинланганидан кейин коррупцияга қарши кескин кураш эълон қилган эди.

23 апрель куни Арманистонда депутат Пашинян етакчилигидаги мухолифат тарафдорларининг қарийб икки ҳафта давом этган норозилик чиқишлари ортидан ҳукмрон партия томонидан Бош вазирликка сайланган собиқ президент Саргсян истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.