“Ислом давлати” Магнитогорскдаги портлашларни ўз зиммасига олди

31 декабрь кунги портлаш қобатида 10 қаватли уй подъездларидан бири қулаб тушган эди.

Россияда тақиқланган “Ислом давлати” террор гуруҳи Магнитогорскдаги кўп қаватли уй ва маршрут таксисидаги портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Террор гуруҳларининг интернетдаги фаолиятини кузатиб борувчи SITE Intelligence Groupнинг билдиришича¸ “Ислом давлати” портлашлардан уч ҳафта ўтиб бу баëнотни араб тилидаги Al Naba газетасида эълон қилган.

Айни пайтда¸ Россия Тергов қўмитаси портлашга газ ускунасидаги носозлик сабабчи бўлгани ҳамон асосий версия бўлиб қолаëтганини билдирди. Қўмита баëнотида¸ воқеа жойидан портловчи моддалар топилмагани айтилади.

31 декабрь куни Магнитогорскдаги 10 қаватли уйда рўй берган кучли портлаш оқибатида 39 одам нобуд бўлган эди.

Расмий баëнотга кўра¸ портлаш маиший газ ускунасидаги носозлик оқибатида юз берган.

1 январь куни Магнитогорскда маршрут таксиси портлаши оқибатида яна уч одам ўлган ва расмийлар бунга ҳам газ портлаши сабаб бўлганини билдирган эди.