Москва Токио билан Курил масаласидаги музокаралар қийинлашганини билдирди

Президент Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков.

Кремль Япония билан Курил ороллари масаласида музокаралар ўтказиш қийнлашганини маълум қилди.

Президент Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, Япония бош вазири Синдзо Абэнинг сўнгги баёноти музокаралар жараёнининг қийинлашувига сабаб бўлган.

Абэ январь ойи бошларида Курил Японияга ўтганидан сўнг куриллик Россия фуқароларига бу ерларда яшаб қолиш ҳуқуқи берилиши мумкинлиги тўғрисида билдирган эди.

Айни пайтда 20 январь куни Россиянинг қатор шаҳарларида Курил ороллари Японияга берилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Совет Иттифоқи Иккинчи жаҳон уруши сўнггида Курилнинг энг жанубий тўртта оролини Япониядан тортиб олган эди. Ушбу баҳсли ороллар Россия билан Япония ўртасида тинчлик шартномасининг тузилишига тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Ўтган йил ноябрида Россия президенти Владимир Путин билан Япония Бош вазири Шинзо Абэ Шикотан ороли ва Ҳабомаи деб аталувчи ороллар гуруҳини қайтариш учун музокараларни жадаллаштиришга келишиб олган эди.