ЕИ сайловлар арафасида фейк ва дезинформацияга қарши курашни кучайтирмоқчи

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини ташқи ишлар бўйича Кенгаш саммити арафасида ўтказилган матбуот анжуманида, Европа давлатлари ташқи ишлар вазирлари Брюсселда фейк хабарлар ва дезинформацияга қарши кураш масаласини муҳокама қилишини билдирди.

-Биз вазирлар билан дезинформацияга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар режасини муҳокама қиламиз. Бу масала Европада сайловлар ўтказилиши арафасида энг муҳим муаммо бўлиб турибди. Биз Европа Иттифоқининг ичкарисида дезинформацияга қарши қандай курашамиз, деган масалани ҳам миллий даражада ҳал этишимиз лозим,-деди Могерини 21 январь куни.

АҚШ ва Европа Иттифоқи сайловларга таъсир кўрсатиш мақсадида Россия фейк хабарлар ва дезинформация билан шуғулланишини айтиб келадилар. Бироқ Россия бу маълумотларни асоссиз, деб инкор этган.

Айни пайтда АҚШ разведка қўмитаси 2017 йилда қароргоҳи Санкт-Петербургда бўлган ва "Интернет тадқиқот агентлиги" номи билан маълум бўлган гуруҳ ёлғон аккаунтларни очиб, нотўғри маълумот тарқатгани, Трампни олқишлаб, Клинтонни ёмонотлиқ қилиш учун курашганига оид ҳисоботни эълон қилган эди.

“Россия тролл фабрикаси” деб номланувчи бу гуруҳни Кремлга алоқадор тадбиркор Евгений Пригожин молиялаштириши айтилади.

Жорий йилнинг февраль ойида АҚШда махсус прокурор Роберт Мюллер Пригожин ҳамда яна 12 нафар бошқа россияликни банк фирибгарлиги, фитна, шахсий маълумотларни ўғирлаш каби жиноятларга қўл уришда айблаган эди.