Хитойлик қозоқлар Дональд Трамп ва Владимир Путиндан ёрдам сўради

Оламотада этник қозоқлар 28 январда ўтказган матбуот анжумани.

Хитойлик этник қозоқлар Россия ва АҚШ президентларига мурожаат қилиб, Шинжон-Уйғур мухториятидаги «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётган қариндошларини озод этишга кўмаклашишни илтимос қилди.

Шинжон-Уйғур мухториятидан келган 30 нафарга яқин этник қозоқ 28 январь куни Олмаотадаги «Ота юрт волонтёрлар» нодавлат ташкилоти офисида матбуот анжумани ўтказиб, ўз мурожаатларини инглиз ва рус тилларида ўқиб бердилар.

Уларнинг таъкидлашларича, қариндошлари Қозоғистонга бориб қайтганларидан сўнг қўлга олинган. Лагерларда сақланаётган қозоқларнинг яқинларига Қозоғистонга чиқиб кетиш тақиқлаб қўйилган.

2018 йилнинг августида БМТ Шинжон-Уйғур мухториятида яшаётган бир миллион нафар мусулмон «қайта тарбиялаш лагерлари»да сақланаётгани тўғрисида баёнот тарқатган эди. Баёнотда бу лагерларда бундан аввал яна бир миллион мусулмон ўтириб чиққани билдирилган.