Тожикистон Афғонистон билан чегарадаги вазият тинч эканини билдирди

Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти.

Душанбе Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош қисмларига “Ислом давлати” гуруҳи жанггарилари тўпланаётгани тўғрисидаги маълумотларни рад этди.

Чегара хизмати матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев Озодлик ва "Америка овози" радиоси қўшма лойиҳаси бўлган “Настояшчее время” телеканалига 29 январь куни чегарада вазият барқарор эканини, таҳдидли вазият пайдо бўлса, Тожикистон биринчи ўлиб бундан хабар топишини айтди.

Россия ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Зубов 28 январда “Ислом давлати” гуруҳининг Покистондаги катибалари жанггарилари Тожикистон чегараси атрофида тўпланаётгани тўғрисида гапирган эди.

Зубовга кўра, бу ҳудуда “йирик фитначилик ҳаракати режалаштирилаётгани” тахмин қилинаётганини ҳам билдирган.

Россия расмийлари тожик-афғон чегарасида “вазият қалтислашиб бораётгани” тўғрисида тез-тез гапириб турадилар. Тожикистонда Россиянинг 201-ҳарбий дивизияси жойлашган. Унда 6 минг ҳарбий хизмат қилади.