Россияда Қирғизистон фуқароси қийноққа солингани тўғрисидаги маълумот текширилмоқда

Қийноққа солингани айтилаётган Ҳусниддин Зайнобиддинов.

Россия Тергов қўмитасининг Челябинск вилоят бошқармаси Магнитогорскдаги кўп қаватли бинода юз берган портлашга алоқадорликда гумонланиб ушланган қирғизистонлик қийноққа солингани тўғрисидаги маълумотни текширмоқда.

Znak.com сайтининг вилоят прокурори Виталий Лопинга таяниб хабар беришича, айни пайтда Қирғизистон фуқароси ва унинг хотини қийноққа солингани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилганлар.

Шу билан биргаликда, прокурор 29 ёшли Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг танасида жароҳат излари борлиги аниқланганини ҳам таъкидлаган.

Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг хотини Ҳалимахон Зайнобиддинова “Новая газета”га қийноқ тўғрисидаги гапларини инкор этмаганини, прокуратура ходимлари у билан суҳбатлашмаганини, турмуш ўртоғи полиция эмас, ФСБ ходимлари томонидан қийноққа солинганини яна бир бор маълум қилди.

Озодлик радиоси 24 январь куни Россиянинг Магнитогорск шаҳрида 31 декабрь куни 10 қаватлик уй ва маршрут таксисида юз берган портлаш ортидан махсус хизмат ва полиция ушбу воқеага алоқадорликда гумонланаëтганларни ҳибсга олишни давом эттираётгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўша мақолада Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) томонидан ушланган жалолободлик 29 яшар Ҳусниддин Зайнобиддинов, яқинлари ва ҳимоячилари иддаосича, олти соат давомида қийноқларга солинган ва қилмаган жиноятларни бўйнига олишга мажбурлангани айтилган эди.

Магнитогорск шаҳрида 31 декабрь куни 10 қаватлик уйнинг бир қисми қулаши оқибатида камида 33 одам ҳалок бўлган. Ўшанда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уйда газ портлагани бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётганини билдирган эдилар.