АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда 31 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида Толибон билан музокараларда “олға силжишлар” кузатилаётганини маълум қилди.
-Жуда катта яхши ишлар бўлаяпти. Сиз ҳам бу ишларга гувоҳ бўлиб турибсиз. Мана, Афғонистонга кирганимизга ҳам 19 йил бўлди ва улар эндигина, биринчи маротаба, барқарорлик ва битим ҳақида гапира бошладилар. Агар битим имзоланса, биз одамларимизни уйларига қайтарамиз. Кўрайликчи, нима бўларкин. Лекин улар биринчи марта жуда жиддий музокараларни ўтказмоқда,-деди Дональд Трамп.
Бундан аввал Қатарда Толибон ва АҚШ расмийлари олти кун музокара ўтказгани ва Афғонистонда 17 йилдан бери тинчимаётган урушни тўхтатиш йўлида “олға қадам” ташлангани тўғрисида хабар берилганди.
28 январь куни АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод Вашингтон расмийлари ҳамда Толибон вакиллари тинчлик келишувининг “асоси” бўйича келишиб олгани ҳақида билдирган эди.
Халилзод: «Келишув асосининг илк нусхаси тайёр. У тўлиқ келишувга айланишидан олдин унинг тафсилотларини белгилаб олиш керак», деб айтган.