Суд экс-президент Атамбаев устидан ёзилган аризани қабул қилмади

Алмазбек Атамбаев

Аламудун туман суди даъво аризасида камчиликлар борлиги учун Ўзбекистондан Қирғизистонга кўчиб ўтган Ҳайдарали Халиқовга аризасини қайтариб берди ва камчиликларни қонун талаблари даражасида бартараф этиш кераклигини уқтирди. Бу ҳақда Қирғизистон Олий суди маълум қилди.

Айтилишича, фуқаро Халиқов томонидан киритилган даъво аризаси шаклан ва мазмунан қонун меъёрларига мос келмаган, аризачи ўз талабини асослашда вазиятга ойдинлик киритувчи ҳужжатлар тақдим қилмаган, шунингдек паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат нусхасини тақдим қилмаган.

Уқтирилишича, мана шу камчиликлар бартараф этилганидан сўнг фуқаро умумий асосларга биноан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

19 февраль куни Ҳайдарали Ҳалиқов Чуй вилояти Аламудун туман судига мурожаат қилди. У ўз аризасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва Давлат регистрация хизмати собиқ раҳбари Тайирбек Сарпашевдан умумий фуқаровий паспортидан «миллати» банди қонунга зид равишда олиб ташлангани учун маънавий зарар сифатида 6 миллион сом (86 минг доллардан кўп) ундириб берилишини сўраган.