Ким Трамп билан учрашувда "муваффақиятга эришмоқчи" эканини айтди

27 февраль¸ Ханой. АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарларининг иккинчи учрашуви.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Вьетнам пойтахи Ханойда АҚШ президенти Дональд Трамп билан ўтаётган учрашувда аниқ натижаларга эришишга ҳаракат қилишини билдирди.

-Бугун биз ёнма-ён ўтирибмиз ва бу сафарги учрашувда муваффақиятга эришамиз, деган умиддамиз. Мен мана шунга ҳаракат қиламан,-деди Ким Чен Ин Дональд Трамп билан учрашув чоғида.

Икки давлат раҳбарларининг учрашуви 27 февраль куни бошланди. Улар матбуот учун суратга тушганларидан сўнг 30 дақиқа юзма-юз суҳбатлашдилар. Шундан сўнг раҳбарлар ёрдамчилари иштирокида зиёфатда қатнашдилар. Трамп ўз Твиттер саҳифасида учрашув самарали ўтаётганидан мамнун эканини ёзди.

28 февраль куни Трамп ва Ким қўшма баёнотни имзолаши кутилмоқда. Оқ Уй мазкур баёнот моҳияти тўғрисида маълумот бермади.

Аввалроқ Трамп мазкур учрашув чоғида Ким билан Шимолий Корея ядровий қурол яратмаслиги ва бу борадаги барча тадқиқотларни тўхтатиши тўғрисида келишувга эришмоқчи эканини айтган эди.