Эрдоғoн Россиядан С-400 мудофаа тизимини сотиб олиш ниятидан қайтмаслигини билдирди

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон Вашингтон эътирозларига қарамасдан, Анқара Россиядан С-400 мудофаа тизимини сотиб олиш ниятидан қайтмаслигини маълум қилди.

6 март куни президент:

- С-400га келадиган бўсак, бу ҳал қилинган масала ва ортга қайтишга йўл йўқ. Балки С-400 олганимиздан кейин, С-500 га ўтамиз, - деди.

5 март куни АҚШ Давлат департаменти Туркияни Россия тизимларини сотиб олиш оқибатлари ҳақида яна бир бор огоҳлантирган эди. Департаментга кўра, Туркия С-400 тизимларини харид қиладиган бўлса, Анқарага Американинг F-35 қирувчи самолётларини сотиш қарори бекор қилиниши мумкин.

АҚШ расмийлари С-400 тизимлари НАТО мудофаа тизимларига тўғри келмаслигини, Россия уларни сотиш орқали альянсни кучсизлантиришга уринаётганини айтиб келади.

Россия матбуоти хабарларига кўра, Анқара Москвадан 2,5 миллиард долларга тўртта С-400 тизимини сотиб олишни режалаштирмоқда.