Чегара билмас мухбирлар ҳукуматларни аёл журналистларни қамоқдан чиқаришга чақирди

Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилотининг билдиришича, жаҳонда 300дан ошиқ журналист қамоқда қолмоқда.

Халқаро хотин-қизлар куни- 8 март арафасида Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилоти жаҳоннинг турли давлатларидаги қамоқхоналарда сақланаётган 27 нафар аёл журналистни озод этишга чақирди.

Франция матбуотининг билдиришича, бугунги кунда жаҳонда қамоқларга ташланган 334 журналистнинг 27 нафари, яъни 8 фоизи аёллардир. Улар 9та давлат қамохоналарида сақланмоқда.

Хитой ва Эронда 8 нафардан қамоқда сақланаётган аёл журналист бор. Уларнинг барчаси ўз журналистик фаолияти ортидан ҳукуматлар таъқибига учраган.

7 март куни БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш ҳам хотин-қизлар куни муносабати билан аёлларни қутлади.

Гуттериш ўз нутқида ҳукуматларни аёлларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш йўналишида ишлашга чақирди.

-Аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда гендер тенглик глобал тараққиёт учун ўта муҳим бўлган омилдир,- деди Гуттериш.