АҚШнинг Виржиния штати федерал суди президент Дональд Трампнинг сайловолди штаби раҳбари бўлган Пол Манафортни 47 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Суд Манафортни банк-молия операцияларини амалга оширишда товламачилик қилганликда ва Украинада сиёсий маслаҳатчи сифатида АҚШ қонуларига зид келувчи ҳаракатларни содир этишда айбдор деб топди.
Суд прокурорнинг 69 ёшли Манафорт “оғир қонунбузарликларни” содир этгани ва “бу жиноятларни содир этгани учун афсусланмаётгани” тўғрисидаги айбловини асосли деб топди, лекин Манафортни 19,5 йилдан 24 йилгача озодликдан маҳрум қилиш талабини ўта асоссиз, деб ҳисоблади.
Манафорт аввал судга тортилмагани эътиборга олинган ҳолда унга 47 ойлик қамоқ ва 74 миллион доллар жарима тўлаш жазоси қўлланилди.
Манафорт махсус прокурор Мюллер Россиянинг 2016 йилги АҚШ президент сайловига аралашган ёки аралашмагани, Трампнинг сайлов кампаниясини ўтказган командаси Москва билан яширин тил бириктирган ёки бириктирмаганини аниқлаш учун ўтказаётган тергов доирасида жиноий таъқибга олинган эди.