Қрим аннексиясидан 5 йил ўтиб, ЕИ раҳбарлари Россиянинг ҳаракатини яна қоралади

Европа Иттифоқи (ЕИ) раҳбарияти Қрим аннексия қилинганининг 5 йиллиги муносабати билан баёнот эълон қилди.

ЕИнинг Ташқи сиёсат бўйича раҳбари Федерика Могерини номидан эълон қилинган баёнотда бу "аннексия халқаро хавфсизлик учун тўғридан-тўғри таҳдид", деб баҳоланган.

Шунингдек, ЕИ Қрим аннексиясини тан олмаслик сиёсатини давом эттириши таъкидланган.

Бундан ташқари, Россия томонидан ўтган йили ноябрда Ураина кемалари ва денгизчиларининг асир олиниши, Қрим кўпригининг Украина розилигисиз қурилиши ҳам қораланган.

Шунингдек, ярим оролда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ва Қрим татарларининг тазйиққа учраётгани кескин қораланган, сиёсий маҳкумларни озод этишга чақирилган.

Хабарларга кўра, Россия президенти Владимир Путин 18 март куни Қримда бўлади.

2014 йилнинг 16 мартида Россия назоратида қолган Қримда референдум ўтказилган ва 18 март куни Путин бу ярим оролнинг Россия таркибига қўшиб олинганини маълум қилган эди.