Боткенда Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари сўзлашувлари якунланди

Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари сўзлашувлардан сўнг. Боткен, 2019, 18 март.

Боткенда Қирғизистон ва Тожикистон делегацияларининг чегарадаги вазиятни муҳокамасига бағишланган сўзлашувлари якунланди. 14 мартда бошланган музокаралар натижаларига кўра, томонлар шу кунгача ёпиқ турган йўлларни очишга ҳамда Ақсай-Тамдиқ йўли қурилишини давом эттиришга келишиб олди, деб хабар қилди Озодликнинг Боткендаги мухбири.

Сўзлашувларда Қирғизистон делегациясига бош вазир ўринбосари Жениш Разақов, Тожикистон делегациясига эса, бош вазир ўинбосари Азим Иброҳим етакчилик қилди.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро 13 март куни бошланди. Ҳар икки томондан жабрланганлар бор.

Қирғизистон давлат чегара хизмати версиясига кўра, низони Тожикистоннинг Меҳнатобод қишлоғи аҳолиси бошлаган, улар чегара яқинида қирғиз томонидан Оқсой-Тамдиқ айланма йўли қурилишига қарши чиққан.

Тожикистон фуқаролари Ўш-Боткен-Исфана йўлини, Қирғизистон фуқаролари Тожикистоннинг Исфара туманини Ворух эксклави билан боғловчи йўлни тўсиб олгани хабар қилинган эди.

Тожикистон чегара муассасаси баёнот бериб, можарони ер участкасини эгаллаб олишни мақсад қилган Қирғизистон фуқароси келтириб чиқарганини маълум қилди.

Тожикистон берган хабарга кўра, можаро вақтида ТРнинг икки фуқароси ҳалок бўлган.

15 март куни Қирғизистон Давлат чегара хизмати Тожикистон билан чегарадаги вазиятни нисбатан барқарорлигини маълум қилди.