Туркманистонда ўқувчилар президент китобларини сотиб олишга мажбурланаяпти

Ашхободдаги мактабларда ўқувчилардан президент Бердимуҳамедов китобларини сотиб олиш ва мактабнинг махсус стенди учун топшириш талаб қилинаяпти, дея хабар қилади Озодликнинг Ашхободдаги мухбири.

26 март куни Озодлик мухбири юқори синф ўқувчиларининг ота-оналари билан суҳбатлашган.

“1 майдан бошлаб пойтахт мактабларида президентнинг ҳамма китоблари жой олган доимий кўргазмалар очилади. Ушбу кўргазмалар ташриф буюрувчилар учун кўринадиган жойга ўрнатилади. Бунинг учун китобларни олиш эса ўқувчилар зиммасига юклатилди. Мактаб раҳбарларига шу бўйича тегишли кўрсатмалар берилган”, дейди Озодлик манбаларидан бири.

Президентнинг ҳар бир китоби нархи ўртача 400 манат туради (Туркманистон МБ ўрнатган валюталар курси бўйича 3.5 манат 1 АҚШ долларига тенг). 400 манат ойлик иш ҳақининг ярмидан кўп бўлиб, агар ота-оналар бу маблағни китобга сарфлашса, оилани тебратиш учун деярли ҳеч вақосиз қолади.

Озодлик мухбирининг қайд этишича, ота-оналарнинг кўпи бу талаблардан бохабар бўлишлари биланоқ пойтахтдаги мактаб маъмуриятларига мурожаат қилишган. Мактаб раҳбарларига кўра, президент китоблари 1 майгача сотиб олиниб, ўқув даргоҳларига берилиши шарт.

Бердимуҳамедов Туркманистонни 2006 йил охиридан бери бошқариб келмоқда. Ўтган 12 йил давомида у ўз муаллифлиги остида 54 та китоб чиқарган.