Президентнинг китобхонликка оид қарори ижроси пайсалга солинмоқда

Бухоро вилояти туманларида Ўзбекистон президентининг китобхонлик маданиятини оширишга доир қарори ижроси пайсалга солинмоқда (“Оила даврасида”, 28 март). Мактаб ва коллеж ахборот-ресурс марказларида ҳанузгача маънан ва шаклан эскирган адабиётлардан фойдаланиб келинмоқда. Китобларнинг электрон базаси яратилмаган. Масалан, Пешку туманидаги Саноат касб-ҳунар коллежи кутубхонасида адабиётларнинг аксар қисми 1970-80 йилларда нашр этилган. Лотин алифбосидаги адабиётлар бармоқ билан санарли. Компьютер ва интернет муаммо. Кейинги йилларда бирорта бадиий адабиёт харид қилинмаган. 2018 йилда бор-йўғи 11 та китоб, у ҳам бўлса, дарслик сотиб олинган. Қайд этилишича, туманлардаги аксар кутубхоналардаги шарт-шароит ҳам талабга жавоб бермайди. Қироатхоналар совуқ ва захлигидан китобхонлар келмай қўйган. Газетага кўра, ҳудудлар ободлиги учун миллиардлаб маблағ сарфланаётган бир пайтда кутубхоналарни ҳам ёддан чиқармаслик керак.