Туркманистон почтаси Россияга посилка қабул қилишни тўхтатди

Ашхобод почта бўлинмалари 27 мартдан бошлаб Россияга юбориладиган жўнатмаларни қабул қилишни вақтинчалик тўхтатган. Бу ҳақда Озодликнинг Туркманистон пойтахтидаги мухбирлари хабар қилади.

“Туркманпочта” бош маъмурий қароргоҳи Туркманистондан Россияга жўнатмалар юборилиши тўхтатилганини тасдиқлади. Телефон орқали жавоб берган ходим бу тартиб бир ой давом этиши кўзда тутилаётганини айтган, бироқ бунинг сабабини тушунтирмаган.

Россия томони ахборотига кўра, Туркманистон томонидан фақат EMSнинг экспресс-жўнатмаларини қабул қилиш тўхтатилган. Бунинг сабаби туркман томони қарздорлигидир. “Албатта, Россия Почтаси томонидан ушбу масалани ҳал этиш бўйича бир қатор уринишлардан сўнг EMS Кооперативи доирасидаги операторлараро ҳисоб-китобларда туркман томонининг қарздорлиги муносабати билан Туркманистондан EMS экспресс-жўнатмаларини қабул қилиш тўхтатилди. Экспресс-жўнатмаларни қабул қилиш қарздорлик узилгандан сўнг қайта тикланади”, дея маълум қилди “Россия Почтаси” матбуот хизмати Озодлик Радиосига.

“Россия Почтаси” матбуот хизмати вакили Екатерина Крудовага кўра, Жаҳон почта алоқаси доирасидаги почта жўнатмаларини (майда пакетлар, хатлар ва посилкалар) юбориш одатий режимда давом этмоқда.

Озодликнинг Туркманистондаги манбаси ҳам Туркманистондан Россияга жўнатмаларнинг тўхтатилиши сабаби қарздорлик эканлигини билдирган.
Туркманистон почта бўлинмалари мижозларга Россияга жўнатмалар нега қабул қилинмаётгани юзасидан изоҳ бераётгани йўқ, айрим пайтларда жўнатмалар учун сарфланган харажатлар ҳам қоплаб берилмаяпти.

Туркманистонда почта хизмати “Туркманпочта”давлат почта алоқаси бўлинмалари ва EMS халқаро экспресс почта хизмати томонидан кўрсатиб келинади.