Туркманистонда сув тошқинлари юз берганини ҳукумат яширмоқда (ВИДЕО)

Туркманистондаги кўчалардан бири.

Интернетда Туркманистон ҳудудларида сув тошқинлари юз бергани тўғрисида кўплаб видеолар тарқала бошлади.

Youtube порталида эълон қилинган видеоларда айтилишича, мазкур сув тошқини Тагтабазар шаҳрида юз берган. Туркманистон жануби ва ғарбидаги ҳудудлар ҳам сув тошқинидан жабр кўргани айтилмоқда.

Озодлик радиоси туркман хизматининг мамалкат ичкарисидаги манбалари ва мухбирларига кўра, Тагтабазарда камида 700та уйга зиён етган. Сув босган уйларнинг айримлари вайрон бўлган ва ўнлаб одамлар кўчада қолган.

Туркманистонда жорий йилда биринчи сув тошқинлари 18-19 март кунлари юз бергани аввал хабар қилинган эди.

Бу сув тошқинларида Берекет ва Сердар шаҳарларидаги ҳамда қатор қишлоқлардаги уйларга, давлат ташкилотлари биноларига, инфраструктурага, йўллар ва электр таъминотига зарар етгани айтилмоқда.

Бироқ Туркманистон ҳукумати шу кунгача сув тошқинлари оқибати ҳақида расман маълумот бермай келаётир.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирлари маҳаллий ҳукумат тошқинлардан зарар кўрган ва уйлари вайрон бўлган одамларга яшаётган ҳудудларини тарк этишни тақиқлаб қўйганини билдирмоқдалар.