БМТ Ливиядаги вазиятдан ташвиш билдирди

Халиф Хафтар қўмондонлигидаги Миллий армия техникаси ва жангчиси.

БМТ Ливия пойтахти Триполида халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинган ҳукумат кучлари ва фельдмаршал Халиф Хафтар қўмондонлигидаги Миллий армия ўртасида бошланган уруш оқибатида минглаб одам уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлаётганини билдирди.

-Воқеа жойидаги гуманитар масалалар бўйича ҳамкасбларимиз Триполи ва унинг атрофида зўравонликлар авж олгани оқибатида тахминан 3400 одам уйларидан қочишга мажбур бўлганини билдирмоқда. Тез ёрдам кўрсатиш учун жабрланганлар олдига етиб боришнинг имкони бўлмаяпти. Бомбардимонлар оқибатида электр линиялари узилди, тинч аҳоли яшайдиган мавзеларга ҳам бомба отилмоқда, - деди БМТ Бош котиби Антонио Гуттеришнинг расмий вакили Стефан Дюжаррик.

Хафтар қўмондонлигидаги армия халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган Ливия ҳукуматини ағдариб, ҳокимиятга келиш мақсадида 7 апрель куни пойтахт Триполининг жанубий қисмига зарба берган эди. Хафтар кучлари ўтган ҳафтада Триполининг ғарбини эгаллаб олиш учун ҳарбий амалиётни бошлаган.

БМТ Ливия Миллий армияси раҳбари Халиф Хафтарни тан олинган ҳукумат билан муросага келишга чақирган. БМТ Хафвсизлик кенгаши Хафтарни Ливиядаги барқарорликни издан чиқараётгани тўғрисида огоҳлантирган.

Ливияда 2011 йилда президент Муаммар Каддафи халқ қўзғолони оқибатида президентликдан ағдарилганидан бери, турли гуруҳлар ўртасида ҳокимият учун кураш тўхтамаяпти.