АҚШ давлат котиби: Жанубий Америкада Эрон пуллари бор

АҚШ давлат котиби Майк Помпео

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Жанубий Америкада Эрон маблағлари борлигига “шубҳаси йўқлигини” таъкидлади.

13 апрель куни Помпео “Америка овози” радиосига берган интервьюсида:

- Жанубий Америкада Эрон пуллари сақланмоқда ва улар ғаразли ниятлар, жумладан, ”Ҳизбуллоҳ”ни қўллаш, халқаро жиноий ташкилотларни қўллаш ҳамда минтақа бўйлаб терроризмни дастаклаш учун сарфланмоқда, - деди.

Помпео Теҳрон-Каракас йўналишида авиақатнов йўлга қўйилганини айтар экан, Эрон Жанубий Америка давлатларининг ички ишларига аралашаётганини таъкидлади.

Помпео “Америка овози” билан Парагвайда суҳбатлашди. Котиб Парагвайдан кейин Венесуэлага боради.

Жорий йил бошида Венесуэла парламенти спикери Хуан Гуайдо, Николас Мадуро ҳокимияти нолегитим эканини айтиб, ўзини мамлакатнинг вақтинча президенти, деб эълон қилган. Уни жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, АҚШ, Бразилия, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкасидаги кўп мамлакатлар тан олди.

Бироқ президент Мадуро давлат органлари устидаги назоратни сақлаб турибди. Уни Россия, Хитой ва Куба қўллаб-қувватламоқда.