Ливия пойтахтидаги жангларда камида 121 одам ҳалок бўлди

Ливияликлар ҳалок бўлганлардан бирининг жасадини олиб кетмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 14 апрель куни Ливия пойтахти Триполи учун бораётган жангларда камида 121 одам ҳалок бўлганини билдирди. Ташкилот жанглар бошланган 5 апрелдан бери 561 одам яраланганини ҳам таъкидлади.

Аввалроқ БМТ халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинган ҳукумат кучлари ва фельдмаршал Халиф Хафтар қўмондонлигидаги Миллий армия ўртасида бошланган уруш оқибатида Триполида яшовчи минглаб одам уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлаётганини билдирган эди.

БМТ Ливия Миллий армияси раҳбари Халиф Хафтарни тан олинган ҳукумат билан муросага келишга чақирган. БМТ Хавфсизлик кенгаши Хафтарни Ливиядаги барқарорликни издан чиқараётгани тўғрисида огоҳлантирган.

Ливияда 2011 йилда президент Муаммар Каддафи халқ қўзғолони оқибатида президентликдан ағдарилганидан бери, турли гуруҳлар ўртасида ҳокимият учун кураш тўхтамаяпти.