Эрон президенти АҚШни "аҳлоқсиз давлат", деб танқид қилди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний АҚШни сув тошқинлари оқибатини бартараф этишга интилаётган Теҳронга турли тўсиқларни қўяётганликда айблади.

-Америкаликлар ўзларининг аҳлоқсизлигини ва инсониятга қарши позициясини яна бир бор намойиш этишди. Америкаликлар ёрдам бермасликларини айтибгина қўя қолмай, эронликларга ўз ёрдамларини Қизил Ярим ой воситасида банклар орқали нақд пул кўринишида жўнатишни ҳам тақиқлаб қўйди, - деди Руҳоний 17 апрель куни ўтган ҳукумат йиғилишида.

АҚШ Эронга нисбатан жорий этган иқтисодий санкциялар ортидан нефть савдоси сустлашиб, Теҳрон ҳазинасида молиявий етишмовчилик юзага келди. Эрон ҳукумати мазкур етишмовчилик ортидан сув тошқини оқибатларини бартараф этиш қийин кечишини билдириб келаётган эди.

Эрон расмийлари 19 мартдан бери юз берган сув тошқинлари 76 нафар одам умрига зомин бўлганини ҳамда 2,2 миллиард доллар моддий зиён келтирганини маълум қилди.

Тошқинлардан 31 вилоятнинг 25 таси зарар кўрган, 4400 дан ошиқ қишлоқни сув босган, 725 кўприк бутунлай вайрон бўлган.