Эрон Ўрмуздан ўз нефти ўтказилмаса, бошқа давлатларнинг нефтини ҳам ўтказишга йўл қўймаслигини билдирди

Ўрмуз қўлтиғи.

Эрон армияси штаби бошлиғи Муҳаммад Бакерий 28 апрель куни Теҳрон муҳим халқаро транзит йўлаги бўлган Ўрмуз қўлтиғини ёпишни истамаслигини, лекин бу ердан “Эрон нефти ўтказилмаса, бошқа давлатларнинг нефти ҳам ўтказилмаслиги”ни билдирди.

Штаб бошлиғига кўра, айни пайтда Ўрмуздан ўтаётган барча савдо ва ҳарбий кемалар Эрон ҳарбий денгиз флоти томонидан назорат қилинади.

Бакерий бундай баёнотни АҚШ марказий қўмондонлиги қўмондони Кеннет Маккензининг бир кун олдин Ўрмуз бўғози ҳақида айтган гапларидан сўнг билдирди. Маккензи:

-АҚШ ҳарбий кучлари АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳамда ҳамкорлари манфаатларини ҳимоя қилишга қодирдир. Биз ҳар доим мазкур минтақада иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан ҳаракат қилишга интиламиз, Ўрмуз қўлтиғида амалиёт ўтказишга тўғри келиб қолса ҳам, мана шундай ҳамкорликда ҳаракат қиламиз, - деб баёнот берган эди.