Шри-Ланка ҳукумати террор ортидан ҳижоб ва паранжини тақиқлади

Шри-Ланкадаги ҳижобли мусулмон аёллар.

Шри-Ланка ҳукумати аёлларга жамоат жойларида юз қисмини тўсиб турувчи ҳижоб кийишни тақиқлади.

Ҳукуматнинг билдиришича, бундай қарор 21 апрель куни 250 кишининг умрига зомин бўлган террор ҳаракатлари ортидан қабул қилинди. Мазкур фавқулодда қонун 29 апрелдан кучга кирди. Хьюман Райтс Вотч халқаро ташкилоти бу тақиқни қоралаб чиқди.

Шри-Ланка католик черков кардинали Малкольм Ранджит 29 апрелда ҳукуматни хавфсизликни таъминлаш мақсадида кескинроқ чораларни амалга оширишга чақирди.

-Барча хавфсизлик кучлари ҳудди уруш ҳолатида бўлгани каби фаолият юритиши лозим, - деб талаб қилди кардинал.

Шри-Ланкада 21 апрель - Пасха Якшанбаси вақтида черковлар ва меҳмонхоналарга уюштирилган худкуш ҳужумлар пайти 250 киши ҳалок бўлганди. Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган.