Туркманистон пойтахти Ашхабод аэропортида шанба, якшанба ва душанба кунлари ўнлаб одамлар Туркияга учирилмасдан ушлаб турилди.
Озодлик радиоси туркман хизматининг маълум қилишича, 30 апрелга ўтар кечаси Миграция хизмати камида 50 одамни Ашхабод-Истанбул рейсига чиқармаган. 27-28 апрель кунлари эса 80га яқин, ундан аввалроқ 150 нафар йўловчи ушлаб қолинган.
Бунинг сабабини суриштирган йўловчилар аэропорт ходимлари томонидан куч қўлланилиб олиб кетилган.
Озодлик радиоси туркман хизмати бу масалада Миграция хизмати ва аэропорт раҳбариятидан изоҳ ололмади.
Туркманистон қонунларида хориж давлатларига чиқиш тақиқланмаган бўлса-да, хорижга кетаётган фуқароларни мамлакатдан чиқармай ушлаб қолиш ҳолатлари тез-тез кузатилади.
Хориж давлатларига чиқиб қайтганлар эса туркман махсус хизматлари томонидан сўроқ қилинишини мустақил нашрлар айтиб келади.