Арманистон экс-президенти устидан суд бошланди

Арманистон собиқ президенти Роберт Кочарян суд залида. 2019, 13 май.

13 май куни Арманистон собиқ президенти устидан суд бошланди. Роберт Кочарян Конституцион тузумни ағдаришда айбланмоқда.

1998 йилдан 2008 йилга қадар Арманистон президенти бўлган 64 ёшли Кочарянга 2008 йил 1 март кунги ҳодисалар тўғрисидаги жиноий иш доирасида айблов қўйилди.

2008 йилнинг 1 март куни бошланган ва икки кун давом этган норозилик намойишлари полиция томонидан бостирилиши натижасида намойишнинг саккиз нафар иштирокчиси ва икки нафар полиция ходими ҳалок бўлган эди. Репрессия бошланишидан аввал Кочарян уч ҳафталик фавқулодда ҳолат режимини жорий қилган.

Ўтган йилнинг декабридан бери ҳибсда ушлаб турилган Кочарян ўзига қўйилган айбловларни инкор қилмоқда, у айбловларни Арманистоннинг амалдаги бош вазири Никола Пашиняннинг сиёсий “қасоси” дея атамоқда.

«1 март иши» узоқ вақт тергов қилинмади, аммо 2018 йилги “бахмал инқилоби” ва ҳокимиятга Никола Пашинян келганидан сўнг қайта тикланди.