Қозонда 17 ёшли ўқувчи синфдошларини гаровга олишга ҳаракат қилди

Иллюстратив сурат.

Татаристон пойтахти Қозонда 10синф ўқувчиси мактабда синфдошларини ва ўқитувчини гаровга олишга ҳаракат қилди.

Татаристон Ички ишлар вазирлигининг 13 майда билдиришча, ўқувчи пневматик тўппонча ва ошхона пичоғи билан синфга киргани ва ўқитувчининг ўрнига ўтириб, синфдошларига таҳдид қилгани ҳақида маълумот келиб тушган. Милицияга ота-оналардан бири телефон қилиб, воқеа ҳақида хабар берган. 17 ёшли ўсмир ҳеч қандай талабларни илгари сурмаган.

Мактабга етиб келган полиция ўқувчини қўлга олишга муваффақ бўлди. Ҳодиса пайтида ҳеч ким жабрланмади.

Ўтган йили Россия мактабларида қатор ҳужумлар содир этилган эди. Пермда ўсмирлар 15 одамни пичоқлаб яралади. Улан-Удэда 9-синф ўқувчиси синфга ўт қўйиб, болта билан 7 ўқувчига тан жароҳати етказди. Курган вилоятининг Шадринск шаҳрида 13 ёшли ўқувчи қиз ўқотар қуролдан 7 одамни яралади.

Жорий йилнинг апрелида эса Стерлитамак шаҳрида ўқувчи информатика ўқитувчиси ва бир синфдошини пичоқлаб яралади.