Арманистон собиқ президенти устида маҳкама бошланди

Арманистонни 10 йил бошқарган Роберт Кочарян маҳкама залида. 13 май¸ 2019 йил

Арманистон пойтахти Ереванда мамлакат собиқ президенти Роберт Кочарян устидан бораëтган маҳкаманинг иккинчи куни бошланди. Конституцион тузумни ағдаришга уринганликда айбланаëтган 64 яшар Кочараян маҳкамаси ўтаëтган суд биноси олдида унинг тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида тўқнашув юзага чиқди.

14 май куни маҳкама Кочаряннинг гаров эвазига озод этилиши ëки уй қамоғига олиниши бўйича ўз қарорини эълон қилиши керак.

Кочарянга қўйилаëтган айблар 2008 йил воқеаларига бориб тақалади. Арманистонни 10 йил бошқарган Кочарян 2008 йил февралида ўтказилган президент сайловлари натижасига қарши чиққан намойишчиларга куч қўллаганликда айбланмоқда. Тўқнашувлар оқибатида 8 нафар намойишчи¸ икки полициячи ўлдирилган эди.

2018 йили Никол Пашинян ҳокимиятга келганидан сўнг Кочараян устидан жиноий иш очилган ва у ўтган йил июнида ҳибсга олинган эди.

Қўйилаëтган айблар судда тасдиғини топса¸ собиқ президент 15 йилга қамалиши мумкин.