"Вор в законе"ни қамоқдан ноқонуний бўшатишга алоқадорликда гумон қилинаётган вазир ушланди

Қирғизистоннинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева (олдда)

“Қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод қилиниши юзасидан жиноят иши доирасида Қирғизистоннинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева қўлга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган Қирғиз Республикаси ИИВ матбуот хизиматига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мансабдорлари А. Батукаевни қамоқдан озод қилиш мақсадида била туриб қонунга зид равишда унга «ўткир миелобласт лейкоз (М2-вариант)» ташхисини қўйган, бу ўз навбатида унинг жазодан озод қилинишига сабаб бўлган.

“Қонундаги ўғри” Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиниши бўйича жиноий иш 2019 йил январда очилди. Бу иш бўйича унга саратон ташхисини қўйган шифокорлар ва лаборант айбланмоқда. Бундан ташқари бу иш бўйича собиқ амалдорлар ва депутатлар ҳам айбланмоқда.

Динара Сагинбаева 2011-2014 йиллада соғлиқни сақлаш вазири лавозимини эгаллаган.

2013 йилда Норин шаҳар суди шифокорларнинг хулосаларига кўра Азиз Батукаевни муддатдан аввал озод қилиш борасида қарор қабул қилган, у ўша куни Бишкекдан Россияга учиб кетган эди. Ҳодиса жамиятда катта шов-шувларга сабаб бўлди.