Анқара: С-400 мудофаа тизимлари хариди масаласида Вашингтон билан сўзлашувларда силжиш пайдо бўлди

Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар.

Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар Истанбул Россиядан С-400 мудофаа тизимларини харид қилгани учун АҚШ Анқарага қарши санкция жорий қилиши мумкинлигини билдирди. Аммо вазир бир вақтнинг ўзида ушбу масалада Анқара ва Вашингтон ўртасида келишмовчиликлар бартараф этилаётганини қўшимча қилди.

АҚШ Туркияни Россиядан С-400 мудофаа тизимларини сотиб олишдан воз кечишга чорлаб келади. АҚШнинг НАТОдаги ҳамкорлари ҳам С-400 тизимлари альянс тизимларига мос келмаслигини ҳамда АҚШнинг F-35 ҳарбий учоқларига таҳдид солишини айтиб, хавотир билдириб келади.

Вашингтон Туркия Россиядан ушбу тизимларни сотиб олиш режасидан воз кечмаса, мамлакатга қарши молиявий санкция жорий қилишини маълум қилган.

21 май куни мухбирлар олдида сўзлаган Акар сўнгги музокаралар давомида АҚШнинг ушбу масалага муносабати ижобий тарафга ўзгарганини билдирди. Аммо вазир Туркия АҚШ солиши мумкин бўлган ҳар қандай санкцияга тайёр туриш учун чора кўраётганини қўшимча қилди.