Тожикистонда доллар тақчиллиги. Одамлар доллар сотиб олиш учун узун навбатларга турмоқда

Душанбеда доллар сотиб олиш учун навбатда турган одамлар.

Тожикистонда одамлар доллар сотиб олиш учун узундан-узоқ навбатларга туришга мажбур бўлмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар беришича, одамлар банкларнинг валюта алмаштириш шаҳобчаларига тунги соат 3-4ларда келиб навбатга турмоқда.

“Мен бугун бомдод намозини ўқибоқ бу ерга навбатга тургани келдим. Лекин навбатим келгунича доллар тугаб қолди. Қуруқ қўл билан қайтиб кетаяпман”, деб айтган душанбеликлардан бири.

Хабарда айтилишича, Тожикистонда сўнгги икки ҳафтадан бери доллар тақчиллиги кузатилмоқда. Валюта алмаштириш шаҳобчаларида бир одамга 200 доллардан ортиқ пул алмаштирилмаяпти.

Тақчиллик оқибатида давлат курси 9,45 сомоний бўлган 1 доллар қора бозорда 10 сомонийдан кўпроққа сотилмоқда.