Украина президенти Владимир Зеленский 15 июнь куни Мариуполь шаҳрининг россияпараст айирмачилардан озод этилгани беш йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этди.
Азов денгизи соҳилидаги Мариуполь шаҳри айирмачилар ва Киев кучлари билан тўқнашув бораётган уруш зонасидан атиги 20 км нарида жойлашган.
Украина шарқидаги тўқнашувларда 2014 йилнинг апрелидан бери 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди.
Зеленский Мариуполда қўшма ҳарбий машқларни кузатди ҳамда миналарни зарарсизлантириш маркази очилишида қатнашди.
Президент айирмачилар бошқарувидаги Луганск ва Донецк вилоятларини ўз ичига олувчи Донбасс ҳудуди ҳақида:
- Энди бор эътиборимизни Донбассга қаратишимиз керак. Бу бизнинг еримиз, бизнинг ҳудудимиз ва нариги тарафда вақтинча оккупациядаги ҳудудлардаги одамлар бу тарафда Украина гуллаб-яшнаётганини кўришларини истаймиз, - деди.