Москвада Иван Голунов билан боғлиқ ҳодиса ортидан яна бир митинг ўтказилди

Москвада ўтган митинг.

Москва марказида 16 июнь куни ҳукумат рухсат берган “Барчага адолат ва қонунийлик учун” деб номланган митинг бўлиб ўтди. Дастлаб митинг “Медуза” нашри журналисти Иван Голуновни қўллаш мақсадида ўтказилиши айтилган эди, бироқ кейинроқ унинг шиори ўзгартирилди.

Россия журналистлар иттифоқи томонидан ташкил этилган митингда “Медуза” нашрига кўра 600га яқин, Ички ишлар вазирлигининг билдиришича 1600 одам иштирок этди. Ташкилотчилар митингга 20 минг одам келишидан умид қилаётган эдилар.

-Доимо адолат ғалаба қилишини истар эдим ва одамлар мана шу каби митингларга келишлари шарт. Фақат митинглар орқалигина биз Голуновни қутқариб қолдик. Агар биз жим ўтирганимизда у ҳозир қамоқда қолган бўлар эди, - деди митингга чиққанлардан бири Елена Ваулина.

Латвияда жойлашган "Медуза" нашрининг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган ва 11 июнда жамоатчиликнинг жуда қаттиқ босим остида озод этилган эди.

Россия ички ишлар вазири Голуновнинг жиноятга алоқаси борлиги исботланмаганини тан олишга мажбур бўлган.

Голунов тарафдорлари Москвада 12 июнда ўтказган намойиш пайтида камида 400 одам қўлга олинди. Голуновни озод қилиш талаби билан мурожаатларни 6 минг журналист ва юз мингдан ортиқ фуқаро имзолади.