Россия президенти Владимир Путин 20 июнда қилган халқ билан мулоқоти чоғида саволларга жавоб берар экан, давлат томонидан илгари сурилаётган лойиҳалардан асосий мақсад одамлар ҳаётини фаровонлаштириш эканини айтди.
Путинга кўра, айнан шу мақсадда ҳукумат қўшимча нарх солиғи миқдорини кўтариш каби қадамларга боришга мажбур бўлмоқда. Путинга кўра, солиқнинг оширилиши натижасида “ишлаб чиқариш ўса бошлади, инфляция қисқарди ва даромадлар кўпайди”.
Айни пайтда Путин АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари Россияга сезиларли таъсир кўрсатганини ҳам айтиб ўтди:
-Албатта, ҳеч ким санкцияларни ёқтирмайди. Аммо бир қараб кўринг, биз 50 миллиард доллар йўқотдик, Европа эса 240 миллиард доллар зарар кўрди, - деди Путин.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга нисбатан санкциялар муддатини яна бир йилга узайтириш тўғрисида қарор чиқарди.
Путин журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Россияда 10 минг рубль ойлик борлигига ишонмаслигини айтди.
Айни пайтда Путин ғарб санкциялари, нефть ва газ нархининг арзонлаши, россияликлар жуда кўп кредит олиши сабабли аҳолининг даромадлари қисқарганини тан олди.
“Аҳолининг реал даромадлари бир неча йилдан бери озайиб келаётган эди, лекин ҳозир улар кўпаймоқда. Ўртача иш ҳақи, энг кам иш ҳақи миқдори, пенсиялар, умуман олганда, ҳамма нарса ўсаяпти”, деди Путин.