Қирғизистон прокуратураси собиқ президент Атамбаевга билдирилган беш айбловни тасдиқлади

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси собиқ президент Алмазбек Атамбаевга парламент томонидан билдирилган олти айбловдан бештасини асосли деб топди.

Бош прокурор Ўткурбек Жамшитов бу ҳақда парламентга 25 июнь куни маълум қилди. Бош прокурорнинг бу баёноти парламентга Алмазбек Атамбаевдан даҳлсизлик мақомини олиб ташлаш учун асос беради.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топган ва 20 июнда парламент бу айбловлар нақадар асосли эканини ўрганиб чиқишни Бош прокуратурага топшириш тўғрисида қарор чиқарганди.

Комиссия Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганликда ва қатор коррупциявий ҳаракатларда гумонламоқда.

Атамбаев эса ўзига қўйилган айбловларни “абсурд, сиёсий мухолифатдан ўч олиш”, деб баҳоламоқда.