Алексей Навальний яна 10 суткага қамалди

Навальний маҳкаманинг янги ҳукмини кинояли табассум билан қарши олди.

Москва шаҳар Хорошевский район суди Коррупцияга қарши кураш фонди раҳбари¸ таниқли мухолифатчи Алексей Навальнийга 10 суткалик қамоқ жазоси тайинлади.

2 июль кунги маҳкамада Навальний жамоат тадбирини ўтказиш ва унда қатнашишга оид тартибни такрор бузишда айбли деб топилди.

Қоралов томони ҳибсга олинган «Медуза» мухбири Иван Голунов ҳимоясига 12 июнь куни ўтказилган тадбирда Навальний қатнашгани¸ унинг кўчаларни тўсишда иштирок этиб¸ сиëсий лозунглар айтганини қонунни бузиш сифатида тақдим этди.


Навальний эса навбатдаги маҳкаманинг Москва шаҳар думаси сайловига мухолифат номзодлари қўйилиши олдини олиш учун уюштирилганини айтмоқда. Москва думасига сайловлар 8 сентябрга белгиланган.

Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Навальний ҳозирга қадар 12 марта маъмурий судга тортилган ва 200 кундан кўпроқ вақтини ҳибсда ўтказган.