Қирғизистоннинг собиқ президенти Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақиртирилди

Алмазбек Атамбаев Қўйтош қишлоғидаги уйида ўз тарафдорлари билан.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 8 июль куни Ички ишлар вазирлиги сўроққа чақирилиши тўғрисидаги билдирувни топширди. Вазирлик Атамбаев гувоҳ сифатида сўроқ қилинишини маълум қилди.

Бироқ Алмазбек Атамбаев 9 июль куни ўтказиладиган сўроққа бормаслигини, чунки амалдаги ҳукуматга ишонмаслигини журналистларга билдирди.

Алмазбек Атамбаев жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг 2013 йилда қамоқхонадан ноқонуний бўшатилиши юзасидан ўтказилаётган жиноят иши доирасида сўроққа чақирилган.

25 июнда Бош прокурор Ўткурбек Жамшитов айбланувчилар Батукаев шахсан Алмазбек Атамбаевнинг буйруғи билан бўшатилгани ҳақида кўрсатма бераётганларини парламентга билдирган эди. Мазкур иш юзасидан қатор давлат амалдорлари, жумладан, Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Шамил Атаханов ҳам қамоққа олинган.

27 июнда парламент Атамбаевни экс-президент мақомиданн ажратган ва даҳлсизликни бекор қилган эди.