ДТМ абитуриентларнинг Озодликка қилган шикоятларига жавоб берди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) 9 июль куни абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жараëнида “муаммо йўқлиги” ҳақида расмий баëнот тарқатди. Бу баëнот Озодликда “Абитуриент-2019: Республика бўйлаб айрим олийгоҳларда ҳужжат қабул қилиш вақтинча тўхтатилди” сарлавҳали мақола эълон қилингани эртасига пайдо бўлди. Тест маркази 9 июль кунги баëнотида бу маълумотни инкор қилишга уринди. Ëзилишича¸ марказ электрон дастури 24 соат тўхтовсиз ишламоқда - айнан 8 июль куни рекорд даражада – 81 мингдан ошиқ абитуриент рўйхатга олинган. ДТМга кўра¸ абитуриентлар 15 кун ичида навбатсиз рўйхатдан ўтиш имконидан фойдаланмаган¸ ҳужжат қабул қилиш якунланишига бир ҳафтача вақт қолганда эса¸ рўйхатдан ўтмоқчи бўлаëтганлар сони кескин ошиб кетган. Ўз серверида муаммо йўқлигини таъкидлаш баробарида ДТМ¸ ҳар бир абитуриентни рўйхатга олиш жараëнининг ИИВ¸ банк тизими¸ шунингдек¸ имтиëз беришга ваколатли яна 15 вазирлик ва ташкилот электрон тизимига боғлиқ эканини таъкидлайди. “Бундай катта ҳажмдаги ахборотлар базаси билан ишлаш табиий равишда тезликнинг пасайишига олиб келади”¸ дейилади ДТМ баëнотида.9 июль кунги расмий изоҳи якунида ДТМ: “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги¸ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги¸ Давлат тест маркази ҳамкорлигида рўйхатдан ўтиш жойларида навбат юзага келмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилди. Жумладан¸ тезлик оширилди¸ қабул комиссиялари иш соатлари узайтирилди¸ мавжуд линияларга қўшимча равишда корпоратив тармоқ линиялари қўшилди”¸ деб ҳисоб берди.