Халқаро ислом академияси чет элликларни ўқишга имтиҳонсиз қабул қилмоқчи

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси 2019-2020 ўқув йилида бакалавриатга ўқишга кирмоқчи бўлган хорижлик абитуриентларни кириш имтиҳонларидан озод этди. Чет элликлар академияга суҳбат асосида қабул қилинади. ​ЎзХИА сайтида қайд этилишича, талабалар $2500 пул тўлаган ҳолда академияда ўзбек ва рус тилида таълим олишлари мумкин. Уларга бакалавриатда ўқиш учун Исломшунослик (қуръоншунослик, ҳадисшунослик, Ислом ҳуқуқи, ақида ва тасаввуф, Ислом тарихи ва манбашунослиги), Диншунослик, Хорижий мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик (мусулмон мамлакатлари), Туризм (зиёрат туризми), Халқаро муносабатлар, Психология (Дин социопсихологияси) ҳамда Филология ва тилларни ўқитиш (араб тили) каби йўналишлар таклиф қилинган. Ўқишга кириш учун ҳужжатларни электрон тарзда ҳам топшириш мумкинлиги айтилмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда ЎзХИАда Россия Федерацияси, Қирғизистон ва Тожикистон ватандошлари таҳсил олмоқда. Академия ўқишга қабул қилинган хорижликларнинг виза олиши ва яшаши билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам ваъда қилган.

ЎзХИА аввалроқ ўз толибаларига олийгоҳ ичида рўмол ўрашни тақиқлагани билан матбуот эътиборини тортган. Кейинчалик академия жамоатчилик босими остида талаба қизларга рўмолни ўзбекча қилиб, бўйин орқасидан ўрашга рухсат берганди. Кийинишга оид талаблар хорижлик талабалар олдига ҳам қўйилади-йўқми – бу ҳақда маълумот йўқ.