БМТ Халқаро суди Покистон уч йил олдин жосусликда айблаб қўлга олган нафақадаги ҳинд денгиз офицери иши бўйича ўз қарорини эълон қилиши кутилмоқда.
Покистон суди 2017 йилда Кулбушан Жадҳавни ўлим жазосига ҳукм қилган. Суднинг бу қарори Ҳиндистонда кескин қораланди.
Натижада Ҳиндистон БМТ Халқаро судига Покистон Жадҳавнинг ҳуқуқларини поймол қилганини айтиб, шикоят қилди. Суд уни қатл қилишни кечиктириш қарорини чиқарган.
Ҳаагада жойлашган суд ўз қарорини 17 июль куни эълон қилиши кутилмоқда.
Жадҳавга Покистоннинг Балужистон вилоятида Ҳиндистон разведкасига ишлаш айблови қўйилган. Исломобод Ҳиндистонни Балужистонда айирмачи исёнчиларни қўллашда айблаб келади.
Ҳиндистон эса бу айбловларни рад этиб, Покистонни Жадҳав билан кўришишга изн бермай, халқаро қонунларга риоя қилмасликда айблаб келади.