Қирғиз-тожик чегарасида маҳаллий аҳоли милиция билан тўқнашди

Қирғизистоннинг Боткен тумани Оқсой қишлоғида маҳаллий турғунларнинг бу ерда тартиб сақлаётган милиция вакиллари билан тўқнашуви бўлиб ўтди. Боткен вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, тўқнашувда аҳоли милиционерларни тошбўрон қилган, тартиб посбонлари эса махсус восита қўллаганлар. Тўқнашувга маҳаллий турғунларнинг йўлни ёпиб қўйиш ҳаракати сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Озодликнинг қирғиз хизмати тўқнашувда маҳаллий турғунлардан бир қанчаси ҳамда уч милиционер тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилганини хабар қилди.

Айни пайтда Боткен вилоятининг Дача участкасида Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирларининг ўринбосарлари Жениш Разақов ва Азим Иброҳим учрашиб, вазиятни изга солиш масаласини муҳокама қилганлар.

Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғи ва Тожикистоннинг Ворух анклави чегарасидаги вазият 22 июль оқшомида кескинлашган. Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотига кўра, можарога Ворух қишлоғи аҳолисининг қишлоққа кираверишда байроқ осиб қўйиши сабаб бўлган. Икки қишлоқ аҳли ўртасида тўқнашув содир бўлган.

Тўқнашувда 17 нафар қирғизистонлик жабр кўрган, улардан 14 киши ўқотар қуролдан яраланган, яна уч кишига тош теккан.

Озодлик радиоси тожик хизматининг маҳаллий расмийлар сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Тожикистон томонидан бир киши ҳалок бўлган, уч киши ўқотар қуролдан яраланган, яна етти киши тошбўронда жароҳат олган.

Бу орада Бишкек ва Душанбе Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Сўўрўнбай Жээнбеков билан Эмомали Раҳмоннинг учрашуви масаласини муҳокама қилмоқда. Учрашувда қатор икки томонлама масалалар, шу жумладан, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш мавзулари муҳокама этилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда маълум қилган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги учрашув санасини очиқланигача йўқ.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 километрни ташкил этади. Чегаранинг 519 километри бўйича келишувга эришилган. Баҳсли участкалар асосан Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров ва Исфара туманлари ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Лайлак ва Боткен туманлари чегараларидаги ҳудудларда жойлашган.